Özbekçe Tefsir Notlari ('İzoh') — Alâuddin Mansûr — Najm 53:14 – Masad 111:5
Contents
- Najm 53:14
- Najm 53:24
- Najm 53:34
- Najm 53:49
- Najm 53:62
- Qamar 54:2
- Qamar 54:14
- Qamar 54:45
- Rahmon 55:20
- Rahmon 55:27
- Rahmon 55:29
- Rahmon 55:31
- Rahmon 55:44
- Rahmon 55:60
- Voqea 56:1
- Voqea 56:3
- Voqea 56:8
- Voqea 56:14
- Voqea 56:57
- Voqea 56:59
- Hadid 57:3
- Hadid 57:15
- Hadid 57:22
- Hadid 57:25
- Mujodala 58:1
- Mujodala 58:2
- Mujodala 58:8
- Mujodala 58:11
- Hashr 59:2
- Hashr 59:9
- Mumtahana 60:1
- Mumtahana 60:4
- Saf 61:3
- Saf 61:5
- Jum'a 62:11
- Munofiqun 63:1
- Munofiqun 63:5
- Tag'obun 64:14
- Taloq 65:1
- Tahrim 66:1
- Tahrim 66:2
- Tahrim 66:5
- Mulk 67:2
- Mulk 67:16
- Mulk 67:22
- Mulk 67:28
- Qalam 68:1
- Qalam 68:4
- Qalam 68:16
- Qalam 68:34
- Qalam 68:42
- Haqqo 69:3
- Ma'orij 70:3
- Ma'orij 70:35
- Nuh 71:7
- Nuh 71:14
- Nuh 71:23
- Jin 72:2
- Jin 72:5
- Jin 72:6
- Jin 72:10
- Jin 72:15
- Muzzammil 73:3
- Muzzammil 73:6
- Muddassir 74:1
- Muddassir 74:10
- Muddassir 74:48
- Muddassir 74:52
- Qiyomat 75:2
- Qiyomat 75:4
- Qiyomat 75:6
- Qiyomat 75:15
- Qiyomat 75:19
- Qiyomat 75:23
- Qiyomat 75:25
- Qiyomat 75:30
- Inson 76:1
- Mursalot 77:23
- Mursalot 77:26
- Naba' 78:5
- Naba' 78:9
- Naba' 78:16
- Noziot 79:5
- Noziot 79:26
- Abasa 80:2
- Takvir 81:14
- Infitor 82:8
- Mutaffifin 83:9
- Mutaffifin 83:14
- Mutaffifin 83:21
- Inshiqoq 84:19
- Inshiqoq 84:21
- Buruj 85:7
- Buruj 85:18
- Toriq 86:10
- A'lo 87:8
- G'oshiya 88:16
- G'oshiya 88:20
- Fajr 89:14
- Fajr 89:17
- Balad 90:4
- Balad 90:10
- Shams 91:10
- Shams 91:15
- Layl 92:7
- Layl 92:13
- Zuho 93:3
- Zuho 93:6
- Zuho 93:11
- Sharh 94:3
- Sharh 94:4
- Sharh 94:6
- Alaq 96:5
- Alaq 96:14
- Alaq 96:19
- Qadr 97:3
- Bayyina 98:3
- Zalzala 99:5
- Odiyot 100:11
- Takosur 102:2
- Fil 105:5
- Quraysh 106:4
- Mo'un 107:3
- Nasr 110:3
- Masad 111:5
Najm 53:14
И з о ҳ. Бу кўриш Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Жаброил фаришта билан бирга Меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда Расулуллоҳнинг ўша меърожда кўрган — гувоҳ бўлган манзаралари тасвирланади.
Najm 53:24
И з о ҳ. Мушриклар ўзлари ясаб кейин «Лот, Уззо ва Манот» деб ном қўйиб олган бутлари ҳақида «Булар Аллоҳнинг қизларидир. Мана шулар Қиёмат Кунида бизларни шафоат қилишади», деб хомхаёл қилиб юрар эдилар. Юқоридаги оят уларнинг бу хомхаёллари ҳеч қачон амалга ошмаслигини таъкидлади.
Najm 53:34
И з о ҳ. Бу оятларнинг нозил бўлишига бир воқеа сабаб бўлган. Валид ибн Муғийра деган бир киши Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларида ўтириб, у зотнинг панд-насиҳатларини эшитгач, таъсирланиб, Ислом динига кирмоқчи бўлади. Шунда мушриклардан бири унга «Сен ота-боболарингни йўлдан озган кимсалар деб уларнинг динини тарк қилиб, Муҳаммаднинг динига кирмоқчимисан?», деб қутқу солади. Иккиланиб қолган Валид: «Ахир мен Исломга кирмасам, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўламан-ку?» деганида, ҳалиги мушрик унга: «Агар сен менга фалон миқдорда мол-пул берсанг, сенинг барча гуноҳларингни Охиратда ўз бўйнимга оламан», дейди. Унинг васвасасига учган Валид диндан юз ўгиради ва ўзаро шартлашган молларидан бир қисмини ҳалиги мушрикка беради, аммо қолганини бахиллик қилиб бермай қўяди. Шунда юқоридаги ояти карималар нозил бўлади ва шу мавзу қуйидаги оятларда ҳам давом этади.
Najm 53:49
И з о ҳ. Мушрикларнинг бир тоифаси ёзнинг иссиқ кечаларида кўринадиган Шеъро (Сириус) номли юлдузга сиғинар эдилар. Мазкур ояти карима Аллоҳ таоло улар сиғинаётган Шеъронинг ҳам Парвардигори эканлигини уқтиради.
Najm 53:62
И з о ҳ. Ушбу ояти карима навбатдаги сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ва тинглаган ҳар бир киши учун бир бор сажда лозим бўлур.
Qamar 54:2
И з о ҳ. Жуда кўп саҳобалар томонидан ривоят қилинишича, Макка кофирлари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга: «Агар сен чин пайғамбар бўлсанг, бизларга анави ойни иккига бўлиб бер-чи», дедилар ва агар у зот шу ишни қила олсалар, иймон келтиришларини айтишди. Ўшанда ой тўлган кеча эди. Шундан сўнг Расулуллоҳ Парвардигорига илтижо қилиб, фазлу марҳаматини дариғ тутмаслигини ёлвориб сўраган эдилар, баногоҳ тўлин ой қоқ ўртасидан бўлиниб, ярми Сафо тоғи устида, ярми эса унинг рўбарўсидаги Қайқаон тоғи устида пайдо бўлди. Бу мўъжизани кўриб турган мушриклар: «Муҳаммад бизларни сеҳрлаб қўйди. Майли, у ҳамма одамларни сеҳрлай олмайди-ку, бу ерда ҳозир бўлмаган кишилардан сўраймиз», дедилар. Мана шу пайтда Маккага кириб келган карвон аҳлидан сўрашган эди, улар ҳам йўлда келишаётганида ойнинг иккига бўлинганини кўрганларини айтдилар. Лекин Абу Жаҳл (Жоҳил — нодонларнинг отаси) лақабли бир мушрик бошлиқ кофирлар «Бу ҳар доимги сеҳрлардан бири», деган гапдан нарига ўтмадилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлди.
Qamar 54:14
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага икки кўз сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда исбот қилиш бор.
Qamar 54:45
И з о ҳ. Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг чин пайғамбар эканликларига далолат қиладиган, келажакда содир бўладиган ҳодиса ҳақидаги хабарлардан биридир. Дарвоқеъ, мана шу оят нозил бўлганидан сўнг кўп вақт ўтмай «Бадр» жангида ўша мағрур мушриклар енгилиб, ортларига қараб қочиб қолдилар.
Rahmon 55:20
И з о ҳ. Маълумки, денгиз қаъри ҳам, дарё туби ҳам сув бемалол сизиб ўта оладиган қумлоқ ёки тупроқдир. Кўп ҳолларда шўр сувли денгиз билан чучук сувли дарё ёки кўл шундоқ ёнма-ён жойлашиб ҳам қолади. Лекин Аллоҳ таолонинг қудрати билан улардан бирининг шўри иккинчисига уриб кетмайди.
Rahmon 55:27
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ таолога важҳ (юз) сифатининг У зот субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига лойиқ бўлган тарзда, махлуқотларга ўшхатмасдан ва кайфият бермасдан исбот қилиш бордир.
Rahmon 55:29
И з о ҳ. Ушбу ояти карима ўзи мўъжаз бўлишига қарамасдан Исломий ақиданинг асосий рукнларидан бирини тўла ифодалагандир. Яъни, Еру осмонда Аллоҳ таолога муҳтож бўлмаган ва Ундан мадад-ёрдам тиламаган бирон жонзот йўқдир. У зот ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада Ўзи яратган коинотдаги барча жонзотни бошқариб-парвариш қилиб турадиган Парвардигордир. Бу оят, «Аллоҳ таоло борлиқ ва ундаги нарсаларни яратгач, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйган», дейдиган айрим файласуфларга очиқ раддиядир.
Rahmon 55:31
И з о ҳ. Яъни, озгина фурсат ўтгач, ҳаёти дунё тугаб, ундаги иш-амал битар ва Аллоҳ таоло барча инсонлар ва жинларнинг ҳаётларида қилиб ўтган амалларини ҳисоб-китоб қилиш ва муносиб мукофот-жазо бериш учун фориғ бўлур. У Кунда Аллоҳ таолонинг одил жазосидан ҳеч ким қочиб қутула олмас. Қуйидаги оятларда сўз шу ҳақда боради.
Rahmon 55:44
И з о ҳ. Яъни, ҳаёти-дунёдан куфру-исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур. Мазкур оятларда кофирлар дучор бўлажак азоб-уқубатлар баён этилди. Энди қуйида келадиган оятларда иймон эгаларига кўз тутиб турган гўзал оқибат — жаннатдаги мангу саодатли ҳаёт қилинади.
Rahmon 55:60
И з о ҳ. Яъни, ҳаёти-дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтган кишининг Охиратдаги мукофоти жаннатдир. Эҳсон калимасининг луғавий маъноси — чиройли амал қилмоқликдир, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломдан «Эҳсон нимадир?», деб сўралганида, у киши шундай жавоб қилган эканлар: «Эҳсон — Аллоҳ таолога гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Зотан, сен У зотни кўрмасанг-да, У зот шак-шубҳасиз, сени кўриб тургувчидир».
Voqea 56:1
И з о ҳ. Яъни, аниқ тушгувчи бўлган Қиёмат соати келганида, ҳаёти дунёда Аллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб юрган кимсалардан биронтаси ёлғон сўзлай олмай қолади.
Voqea 56:3
И з о ҳ. Яъни, бу дунёда нафслари истаган хирсу ҳавасларга муккадан кетиб, мол-давлат ва салтанатлари билан ҳаволаниб юрган динсиз-иймонсиз кимсаларни Қиёматда энг тубан дўзахга ташлаш билан паст қилиб қўяр, аммо бу ҳаёти дунёда мудом рўй бериб турадиган зулму ситам ва ҳақсизлик азобидан эзилиб юрсалар-да, ўз иймон-эътиқодларида устивор бўлган мўмин-мусулмонларни эса жаннатлардаги баланд мақомларга кўтарур.
Voqea 56:8
И з о ҳ. Ўнг томон эгалари ҳаёти дунёдан иймон-эътиқод билан ўтганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи-аъмоллари ўнг томонларидан берилиб, жаннат неъматларига сазовор бўлган саодатманд кишилардир. Чап томон эгалари эса ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи-аъмоллари чап томонларидан берилиб, дўзахга гирифтор бўлган бадбахт кимсалардир.
Voqea 56:14
И з о ҳ. Яъни, Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломгача, ўтган барча пайғамбарларга иймон келтирган ва уларнинг ёнларида туриб Аллоҳ таоло буюрган динга даъват қилишда ёрдамчи бўлган аввалги умматлар орасидаги пешқадам зотларнинг саноқларига нисбатан Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом умматлари ўртасидаги пешқадам зотларнинг сонлари оздир.
Voqea 56:57
И з о ҳ. Яъни, йўқдан бор қилишга қодир бўлган Зот қайта яратишга ҳам шак-шубҳасиз, қодирдир. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг қайта яратишга қодир эканлигига тўрт нарсани, яъни инсонни яратганини, наботот (экин-ўсимликлар)ни яратганини, сувни яратганини ва ўт-оловни яратганини далил қилиб келтиради.
Voqea 56:59
И з о ҳ. Дарҳақиқат, бу инсон кўз ўнгида доимо такрорланиб турганлиги сабабли эътибор берилмайдиган буюк бир мўъжизадир: наҳотки киши баданидан ажралиб чиқиб турадиган тер, кўз ёши каби бўлган бир томчи сувдан — манийдан — озгина муддат ўтгач, ўз-ўзидан эркак ё аёл жинсига мансуб, эшитгувчи, кўргувчи бир инсон пайдо бўлиб қолса. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу иш қандай содир бўлди? Ахир бу инсон ўзининг суяклари, гўшти ва териси билан томирлари-ю, тук ва тирноқлари билан ҳамда фақат ўзигагина хос бўлган хулқи-табиати билан қаерга яшириниб олган эди?! Қайси бир доно одам бир томчи сув ўз-ўзидан мана шундай инсонга айланган дея олади? Ҳеч ким! Чунки маний она бачадонига тушиши биланоқ эр-хотиннинг иш-амали битган: улар ўша бир томчи сувдан ҳомила пайдо бўладими-йўқми билишга қодир эмаслар, энди бу ёғи ёлғиз Яратганнинг хоҳишига ҳавола. Агар У зот хоҳласа, Ўз қудрати билан бир хил ҳужайрадан иборат бўлган ўша манийдан инсоннинг жамийки аъзоларининг ҳар бири ўзига хос бўлган минг-минглаб ҳужайраларини пайдо қилади ва ҳар бир аъзонинг ҳужайрасига ўз вазифасини пайдо қилади ва унга жон киритади... Дарҳақиқат, бу илоҳий мўъжизада ақл юритгувчи кишилар учун етарли ибрат бордир.
Hadid 57:3
И з о ҳ. Ушбу ояти каримада ҳар бир мўмин Аллоҳ таолонинг бор ва бирлигига иймон келтириш билан бирга эътиқод қилиши лозим бўлган тўрт илоҳий сифати баён этилди: Аллоҳ аввалдир, яъни У азалий зот бўлиб, Ундан аввал бирон замон ўтган эмас; Аллоҳ, охирдир, яъни У абадий-мангу зот бўлиб, барча нарса йўқ бўлур, лекин Унинг интиҳоси йўқдир; Аллоҳ зоҳирдир, яъни коинотдаги ҳар бир нарса Унинг борлигига очиқ-зоҳир далолат қилиб туради; Аллоҳ ботин-махфийдир, яъни Унинг зотини кўз билан идрок этиб бўлмас ва Унинг моҳият-ҳақиқатига ақл билан етиб бўлмас.
Hadid 57:15
И з о ҳ. Мазкур оятларда зоҳирлари мўмин-у, ботинлари мунофиқ бўлган кимсаларнинг Охиратда дучор бўладиган оқибатлари баён қилинди. Энди мўминларга мурожаат қилиниб, уларни ўзларидан аввал ўтган аҳли китоблар каби диллари қотиб, фосиқ-итоатсиз бўлиб кетмасдан кўнгилларини Аллоҳнинг зикрига ва Қуръон тиловатига мойил қилишга даъват этилади.
Hadid 57:22
И з о ҳ. Яъни, ҳаётда содир бўладиган ҳар бир яхши-ёмон, катта-кичик воқеа-ҳодиса албатта Аллоҳ таолонинг тақдири азалийсида битилган бўлади. Яратганнинг амрисиз бировнинг баданига бир тикан кирмайди. Бу ҳақиқат баён этилишига сабаб:
Hadid 57:25
И з о ҳ. Ушбу ояти каримада жамият интизоми ва кишилар осойишталиги учун Аллоҳнинг китоби ва адолат тарозиси билан бирга яна темир, яъни қуролли кучга ҳам муҳтож бўлинишига ишора қилинмоқда.
Mujodala 58:1
И з о ҳ. Ушбу оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгандир: Саҳобалардан Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба исмли бир аёл Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, Авс мени зиҳор қилди», деб ўз эридан шикоят қилади. «Зиҳор» ибораси арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига: «Онамнинг бадани каби сенинг баданинг ҳам менга ҳаром», дейишини англатади. Ислом дини келишидан илгари зиҳор қилинган хотин эри учун онага айланиб қолган, демак талоқ қилинган ҳисобланар эди. (Бу хусусда «Аҳзоб» сурасининг тўртинчи оятида ҳам баён қилинган). Шунинг учун мазкур аёл эрининг бу қилмишидан нолиб, ўрталарида гўдак болалари борлиги, агар эр-хотин ажрашиб кетсалар, ўша болаларга жабр бўлишини айтиб келади. Лекин пайғамбаримизга «Зиҳор» масаласи ҳақида Аллоҳ таоло томонидан ҳали бирон ҳукм нозил қилинмаган эди. Шу сабабдан у зот шикоятчи аёлга: «Демак, сен эрингга ҳаром бўлиб қолибсан», деб жавоб қиладилар. Аммо у аёл бу жавобдан қаноатланмай, яна ўз сўзларини такрорлайди. Расулуллоҳ ҳам яна аввалги жавобларини қайтарадилар. Иккалалари шу тариқа баста-жавоб қилиб туришлари асносида, бирдан Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга юқоридаги ва қуйида келадиган оятлар нозил бўлади ҳамда уларда Аллоҳ таоло «Зиҳор» масаласи хусусида Ўз хукмини баён қилади.
Mujodala 58:2
И з о ҳ. Яъни, ўша ўз хотинларини оналарига ўхшатишдек номақбул ва ёмон сўз айтганлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб тавба қилсалар, шак-шубҳасиз, Аллоҳ таоло афв этгувчи, мағфират қилгувчидир. Уларнинг ўртасига ҳеч қандай талоқ тушмайди. Лекин ўз хотинини зиҳор қилиб, кейин унга қайтмоқчи бўлган кимса бу қилмиши учун маълум миқдорда каффорат — тўлов тўлаши керак. Энди қуйидаги оятларда ўша каффорат миқдорлари баён қилинади.
Mujodala 58:8
И з о ҳ. Ушбу оят мўминларни кўрганларида бир-бирлари билан пичир-пичир ва турли имо-ишоралар қилишиб, уларга озор берадиган яҳудий ва мунофиқлар ҳақидадир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом уларни бу қилиқларидан қайтарганларидан кейин ҳам улар ўз висир-висирларидан қайтмайдилар, балки ҳадларидан ошиб Расулуллоҳга рўбарў бўлганларида, «Ассалому алайкум», яъни «сизларга тинчлик-омонлик бўлсин», дейиш ўрнига «Ассому алайкум», яъни «сизларга ўлим бўлсин», дейдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг жазолари жаҳаннамга кириш эканлиги хусусида хабар беради.
Mujodala 58:11
И з о ҳ. Бу ояти каримада мўминларга мажлис одоблари таълим берилди ва уларни бағрикенгликка, яъни мажлисларига келиб қўшилмоқни истаган дўстларига ёнларидан жой беришга ва агар ҳамма жойлар банд бўлса, кейин келганларга ўз ўринларини бўшатиб беришга даъват этилди. Яна бу оятда илмнинг фазилати алоҳида таъкидлаб ўтилдики, бу борада Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом томонларидан ҳам кўпдан-кўп ҳадислар ривоят қилинган бўлиб, улардан бири мана бу ҳадиси шарифдир: «Олимнинг обид устидаги фазилати худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлар устидаги фазилати кабидир». Ҳукамолардан бирининг қуйидаги сўзлари ҳам ибратлидир: «Мен илм топа олмаган одам нима топганини, илм топган одам эса нима йўқотганини билсам эди».
Hashr 59:2
И з о ҳ. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг, яҳудийларнинг Мадина атрофида яшайдиган Бану Назийр қабиласи у киши билан бетарафлик тўғрисида сулҳ тузган эди. Лекин мусулмонлар Уҳуд жангида мағлубиятга учраганларидан кейин Бану Назийр яҳудийлари ўртадаги сулҳни бузишиб, мусулмонлар орасига суқулиб кириб олган айрим мунофиқ кимсалар билан тил бириктиришиб, Макка кофирлариги одам юборадилар ва Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга қарши жанг қилиш учун улар билан ҳамкорликка тайёр эканликларшш билдирадилар. Расулуллоҳ бу хиёнатдан хабар топгач, яҳудийларнинг Маккага юборилган элчилари Каъб ибн Ашрафни қатл қилишга буюрадилар ва ўзлари қўшин билан бориб, Бану Назийр қабиласини қамал қиладилар. Қамалнинг йигирма биринчи кунида дилларига қўрқинч тушган яҳудийлар Пайғамбаримизга қайта сулҳ тузишни таклиф қилишганида, у зот хоинлар билан ҳеч қандай сулҳ тузилиши мумкин эмаслигини билдириб, улардан кўтарганларича нарса-матоларини олиб дарҳол бу юртдан чиқиб кетишларини талаб қиладилар. Шундай қилиб яҳудийлар яшаётган уйларининг устун-тўсинларигача бузиб, туяларга юклашиб ҳеч қандай жанг-жадалсиз ўз диёрларидан жўнаб қоладилар.
Hashr 59:9
И з о ҳ. Мазкур оятларда ўзларининг уй-жой ва мол-мулкларини тарк этиб Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом билан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг орзу-ниятлари фақат Аллоҳнинг ризолигини исташ ҳамда Аллоҳ ва пайғамбарга ёрдам қилиш бўлганлиги таъкидланди ва ғазотлардан тушадиган ўлжаларнинг бир қисми ўшаларнинг ҳақлари эканлиги уқтирилди. Шунингдек, уларнинг йўлларига уй-жой ва иймон-эътиқод билан пешвоз чиққан ансорлар-ёрдамчилар (улар пайғамбаримизга ва бошқа муҳожирларга ҳар бир ишда кўмак берганлиги учун мана шу номга сазовор бўлганлар), ва уларнинг бағрикенгликлари, ўз манфаатларидан ўзгаларнинг манфаатини устун қўя олишлари таърифланди. Ҳукамолардан Абу Зайднинг ғоят ибратли мана бу сўзи худди ўша ансорлар ҳақида айтилгандек: «Балхлик бир йигит менга: «Ўзларингизнинг зуҳд-тақволарингиз ҳақида гапириб бергин», деган эди, мен айтдим: «Топсак еймиз, топмасак сабр қиламиз». Шунда у деди: «Бизда Балхнинг итлари шундай қилишади, биз эса топмасак сабр қиламиз, топсак ўзимиздан муҳтожроқларга берамиз».
Mumtahana 60:1
И з о ҳ. Ушбу оятнинг нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Маккани фатҳ этиш учун тайёргарлик кўриб юрган кезларида муҳожир саҳобалардан Хотиб ибн Аби Бултаа бу ҳақида Макка зодагонларига хат ёзиб уларга қарши урушга ҳозирлик кўрилаётганининг хабарини беради ва уни ўша тарафга кетаётган бир аёлдан бериб юборади. Шунда Жаброил фаришта келтирган ваҳий орқали бу хуфёна ҳаракат расулуллоҳга маълум бўлади ва у зот икки саҳоба билан ҳазрати Алийни ўша аёлнинг изидан юборадилар. Улар аёлни Пайғамбаримиз айтган Мадина яқинидаги Равзиҳоҳ деган жойдан топиб, ундан хатни беришни талаб қилганларида у аввал тонади, лекин кейин элчиларнинг дўқ-пўписаларидан сўнг сочларининг орасидан чиқариб беради. Хат қўлларига келиб теккач, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Хотибни чақириб, ундан: «Бу қандай қилиқ?», деб сўраганларида у шундай жавоб қилади: «Ё Расулуллоҳ, мен Исломга кирганимдан буён диндан қайтган ҳам эмасман, сизга хиёнат қилган ҳам эмасман. Лекин мен ҳижрат қилиб чиқар эканман, бола-чақаларим Маккада қолгандир. Бошқа муҳожирларнинг Маккада қолиб кетган бола-чақа ва мол-мулкларини ўз ҳимояси остига оладиган қариндош-уруғлари бор, аммо менинг Маккада бирон ҳимоячим йўқдир. Шу сабабдан мана бу хатим Макка зодагонларининг қўлларига бориб тегса, улар аҳли-оиламга ҳомийлик қилишар, деб ўйлаган эдим. Мен бу хатни динимизга бирон зиён етказиш учун ёзган эмасман». Бу ҳолни кўрган Умар: «Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг, бу мунофиқнинг бошини танасидан жудо қилай», деганида, Пайғамбаримиз шундай дейдилар: «Йўқ, у «Бадр»га гувоҳ бўлган (яъни, мусулмонлар ҳали жуда озчилик ва ночор ҳолатдалик пайтларида улар билан бирга Бадр жангида кофирларга қарши жанг қилган). Сен қаердан билурсан, эй Умар, эҳтимол Аллоҳ таоло Бадр жангида иштирок этган мусулмонларнинг барча қилган ва қиладиган гуноҳларини мағфират қилиб юборгандир». Мана шу пайтда юқоридаги ояти карима нозил бўлди.
Mumtahana 60:4
И з о ҳ. Иброҳим алайҳиссалом оталарининг иймонга келишидан умидвор бўлиб, унга Аллоҳ таолодан мағфират сўраш ҳақида ваъда қилган эдилар. Аммо унинг иймонга келмаслиги аниқ маълум бўлгач, Иброҳим пайғамбар ундан юз ўгирганлар. Бу ҳақда «Тавба» сурасининг 114-оятида баён қилингандир.
Saf 61:3
И з о ҳ. Бу икки оят айрим саҳобалар ўзларича: «Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган ишни билсак эди, албатта ўша амални қилган бўлур эдик», деб юришиб, сўнгра ўша суюкли амал Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш эканлиги ҳақида оят нозил бўлгач эса, уларнинг баъзи бирлари сусткашлик қилганларида нозил бўлгандир.
Saf 61:5
И з о ҳ. Ушбу икки оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг салафлари ҳаётидан келтирилган лавҳалар бўлиб, улар ҳам ўз қавмлари томонидан азийят тортиб, ёлғончи қилинганлари баён этилди ва бу билан Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарини кофирлар томонидан етадиган озорларга ўз салафлари каби сабр-тоқат қилишга даъват этди. Кейинги оятдаги Аҳмад — пайғамбаримизнинг исмлари бўлиб, Муҳаммад сўзи билан бир ўзакдан чиққандир. У ўзак «ҳамд-мақтов» калимаси бўлиб, Аҳмад — «Парвардигорга кўп ва хўб ҳамд айтгувчи» маъносини ифодаласа, Муҳаммад — «дунё ва Охиратда мақтовга сазовор бўлгувчи», деган мазмунда келади.
Jum'a 62:11
И з о ҳ. Ривоят қилинишича, бир Жумъа кунида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом минбарда хутба — ваъз айтиб турганларида Мадинага савдогарлар карвони кириб келади. Шунда айрим саҳобалар Расулуллоҳни минбарда қолдириб савдо-сотиқ қилиш учун карвон томонига югуришганида, мусулмонларга танбеҳ бўлиб ушбу оят нозил қилинади. Оят давомида дунёнинг фоний матоларидан Аллоҳ таоло мўминларга Охиратда ато этадиган нарсалар яхшироқ эканлиги таъкидланади.
Munofiqun 63:1
И з о ҳ. Яъни, мунофиқлар Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларига чин дилдан иймон келтирганлари йўқ, балки фақат тилларидагина гувоҳлик бердилар, демак, уларнинг бу гувоҳликлари ёлғон гувоҳликдир.
Munofiqun 63:5
И з о ҳ. Ушбу ва қуйидаги оятлар мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳақида нозил бўлгандир. Воқеа бундай бўлган. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом саҳобалари билан Бану Мусталақ қабиласига қарши жанг қилиб, ғалаба қозонганларидан сўнг Мадинага қайтаётганларида бир мунофиқ кимса муҳожир мусулмонлардан бири билан сув талашиб жанжаллашиб қоладилар. Шу пайт ўша ерда ҳозир бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳалиги муҳожир ва умуман барча муҳожир мусулмонлар ҳақида ножўя сўзлар айтиб, уларни ҳақорат қилади ва ўз қавмига қараб: «Бу келгиндиларга (яъни, муҳожирларга) ёрдам ва хайр-саховат қилманглар, токи улар Муҳаммадни ташлаб ўз юртларига қайтиб кетсинлар. Ҳали Мадинага қайтганимизда, албатта кучлилар (яъни, бизлар) кучсизларни (яъни, мусулмонларни) Мадинадан қувиб чиқарур», дейди. Аммо кейинроқ, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом бу воқеадан хабардор бўлганларидан кейин ундан: «Сен шу гапларни айтдингми?», деб сўраганларида эса, у қасам ичиб, айтган сўзларидан тонади ва ёлғон қасамни қалқон қилиб олади. Энди, у ва унинг ҳамтовоқлари ҳақида оятлар нозил бўлгач, айрим кишилар унга: «Эй Абдуллоҳ, сенинг хусусингда қаттиқ оятлар тушди, сен Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб узр сўрагин, у киши сенинг гуноҳларингни мағфират қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилсинлар, шояд Аллоҳ мағфират қилса», дейишганида у бундан бош тортади ва: «Сизлар иймон келтир, дединглар, иймон келтирдим; молингнинг закотини бер, дединглар, закот бердим, энди бир камим бориб Муҳаммадга сажда қилиш қолувди», деб жавоб беради. Шунда юқоридаги оят нозил бўлади ва навбатдаги оятда эса ундай мунофиқ кимсалар ҳақида қилинган ҳеч қандай дуо-илтижо ижобат бўлмаслиги уқтирилади.
Tag'obun 64:14
И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Макка аҳлидан бир гуруҳ кишилар Исломни қабул қилишиб, сўнгра Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларига — Мадинаи мунавварага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида уларнинг динсиз бўлган хотин ва бола-чақалари бу ниятларидан тўсишиб: «Исломга кирганларингизга сабр қилдик, аммо бизларни ташлаб ҳижрат қилишларингизга чидай олмаймиз», дейишган экан. Шунда улар бу гапга кўнишиб, Маккада қолишган ва орадан анча замон ўтиб, Мадинага келганларида эса бу ердаги мусулмонлар диний билимларни пухта эгаллаб олганларини кўришиб, илгари ўзларининг йўлларини тўсган хотин, бола-чақаларидан ўч олмоқчи бўлганларида юқоридаги оят нозил бўлгандир. Муфассирлар айтишларича, ушбу ояти карима Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишдан тўсадиган хотинлар ва болаларнинг сўзларига кирадиган барча кишилар учун танбеҳдир.
Taloq 65:1
И з о ҳ. Бақара сурасининг 228-оятида айтилганидек, талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида идда сақлаб ўзларининг ҳомиладор бўлган-бўлмаганларини кузатадилар. Агар бирон аёл ҳайз кўриш пайтида талоқ қилинса, у мана шу ҳайзидан ташқари яна уч ҳайз идда сақлаши лозим бўладики, бу ўша аёлга зулм қилиш демакдир. Чунки у идда муддати тугаши билан бошқа эр билан турмуш қуриш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳолатда эса талоқ қилинган аёл яна ортиқча бир ҳайз идда сақлашга мажбур бўлади. (Умуман оиласиз эркак ва аёлларнинг кўпайиши жамиятда бузуқлик ва нопокликнинг авж олишига сабаб бўлгани учун, Ислом дини оилаларнинг бузилиб кетишига имкон қадар йўл бермасликка, агар бузилган чоғда эса иложи борича тезроқ ярашишга ёки бошқа турмуш қуришга даъват этади). Шунинг учун юқоридаги оятда талоқ қилгувчилар хотинларини идда сақлайдиган поклик пайтларида талоқ қилишга ҳамда иддани аниқ ҳисоб-китоб қилиб боришга буюриладилар. Ушбу фармоннинг яна бир ҳикмати, аёл киши ҳайз кўриш пайтида одатда эри унга поклик пайтидагидек рағбат қилмайди, бинобарин ундан ажралиш ҳам эр учун у қадар қийин иш эмасдек туюлиши мумкин. Шу сабабдан Қуръон эркакларга, агар улар хотинларидан ажралмоқчи бўлсалар, у аёлларни пок ва марғуба бўлган пайтларида талоқ қилишлари мумкин эканлигини билдиради. Бундан ташқари ушбу оятда талоқ қилинган аёлларни модомики улар бузуқлик, беҳаёлик қилмас эканлар, то идда муддатлари тугамагунича эрларининг уйларидан чиқариб юбориш дуруст эмаслиги баён қилинди. Бу ҳукмдан мурод, биринчидан, идда сақлаётган аёл мана шу идда муддати асносида талоқ қилган эрининг ҳукмида эканлигини, яъни бошқа эрга никоҳланиши дуруст эмаслигини билдириш бўлса, иккинчидан, агар у аёл уч талоқ қилинмасдан бир ёки икки талоқ қилинган бўлса, жаҳл устида талоқ қилиб юборган эри ҳар куни уни кўриб турганлиги сабабли, «меҳр кўзда», деганларидек, яна унга мойил бўлиб, эр-хотиннинг қайтадан ярашиб кетишлари ҳам осонлашишидир. Шунинг учун ҳам оят ниҳоясида «Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бу (талоқ)дан кейин бирон ишни пайдо қилар», дейилди.
Tahrim 66:1
И з о ҳ. Ушбу ояти карима нозил бўлишининг сабаблари ҳақида бир неча ривоятлар мавжуд бўлиб, улардан бири «Саҳиҳул-Бухорий»да келтирилган қуйидаги ривоятдир: Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом жуфти ҳалоллари Зайнаб бинти Жаҳш (Аллоҳ ундан рози бўлсин)нинг хоналарида истироҳат қилиб, онамиз қуйиб берган асал шарбатидан ичиб ўтирар эканлар, бошқа аёллари Оиша ва Ҳафса оналаримизнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) рашклари келиб Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом бу ердан чиқиб қайси биримизнинг олдимизга кирсалар: «Мағофийр (ўзи лаззатли, аммо саримсоққа ўхшаган бадбўй таом) едингизми?», деймиз, деб келишиб оладилар ва Расулуллоҳ олдиларига кирганларида, ҳар иккалалари ўша сўзни айтадилар. Шунда ҳар қандай бадбўй ҳидни ёмон кўрадигаи Пайғамбаримиз: «Йўқ, мен фақат Зайнабнинг олдида асал шарбатни ичган эдим», деб қайта асал тановул қилмасликка қасам ичганларида юқоридаги оят нозил бўлади.
Tahrim 66:2
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни ва у зотнинг барча умматларини ноўрин ичилган қасамларидан каффорат-эваз тўлаб қутулишга буюрмоқда. Қасамнинг каффорати ҳақида Моида сурасининг 89-оятида батафсил айтилгандир.
Tahrim 66:5
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг аёлларига ибратли панд-насиҳат қилиб, уларни Расулуллоҳ билан бирга кечаётган саодатли ҳаётларининг қадрига етишга даъват этгач, қуйидаги оятларда барча мўминларга хитоб қилади.
Mulk 67:2
И з о ҳ. Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг мана шу ҳаёти дунёда қилиб ўтадиган амалларини синаб, Охиратда ўша амалга яраша мукофот-жазо бериш учун ўлим ва ҳаётни яратган экан. Ушбу ояти каримада ўлим сўзи ҳаёт сўзидан муқаддам келтирилишига сабаб, ўлим калимасининг мазмуни ҳаёт калимасининг маъносидан теранроқ, қамровлироқ эканлигидир. Чунки ҳаёт сўзи мана шу ўткинчи дунёда яшашнинг бошланишини билдирса, ўлим сўзи Охират диёридаги мангу ҳаётнинг бошланишини англатади. Демак, ўлим юзаки қараганда ҳаётнинг интиҳоси бўлиб кўринса-да, аслида у мангу ҳаётнинг ибтидосидир. Бу хусусда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом шундай деганлар: «Жоним қўлида бўлган Зотга — Аллоҳга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан (ўликлардан) яхшироқ англагувчи эмассизлар. Фақат улар жавоб қила олмайдилар, холос».
Mulk 67:16
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага барча нарсадан юқорида — олий бўлиш сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда исбот қилиш бор.
Mulk 67:22
И з о ҳ. Ушбу ояти карима кофир билан мўмин ҳақида келтирилган ибратли бир масалдир. Уни шундай тушунмоқ лозим: динсиз-эътиқодсиз кимса бирон илоҳий қўлланмасиз, ўтган кунини ҳам, келажагини ҳам унутиб, фақат бугунини қандай ўтказиш ғами, бугуннинг муаммоларини ҳал қилиш билан овораю-сарсон бўлиб, яъни фақат оёғининг тагига қараб кун ўтказади. Демак, унинг эрта бир кун йўлидан чиқиб қолиши аниқ бўлган ҳар қандай тошга-тўсиққа қоқилиб, юз тубан қулаши ҳеч гап эмас. Аммо иймон-эътиқод эгаси эса Яратган юборган Илоҳий Қўлланма кўрсатиб қўйган Тўғри Йўлда, қаддини рост тутиб, қиладиган ҳар бир иш-амалида фақат ҳозирнинг ҳузурини кўзламасдан, балки Эрта — Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб ва ажр-мукофотни ўйлаб боради. Бинобарин бугуннинг, яъни ўткинчи дунёнинг арзон матолари, уни ўзи танлаб олган Тўғри Йўлидан адаштира олмайди.
Mulk 67:28
И з о ҳ. Макка кофирлари доим Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ва у зотнинг саҳобаларига ўлим-ҳалокат тилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримизга юқоридаги оят нозил қилиниб, у кишини кофирларга шундай жавоб қилишга амр этилди: «Биз мўминлар икки гўзал оқибатга кўз тутиб яшаймиз. Улар бири сизлар орзу қилаётганингиздек, дин йўлида ҳалок бўлиб, жаннатга етиш бўлса, иккинчиси — омон қолиб, сизларнинг устингиздан ўзимиз умид қилган ғалабага эришишдир. Аммо сизлар кофир бўлган ҳолларингизда кимнинг ҳимоясини кутмоқдасизлар?!»
Qalam 68:1
И з о ҳ. Сура «Нун» ҳарфи билан бошланди. Қуръондаги бир неча сура мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Кўпчилик Ислом уламолари наздида мазкур ҳарфлар «хуруфи муқаттаот», яъни маънодан узилган ҳарфлар саналиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳ таологагина маълумдир. Уламолар айтишларича, илоҳий мўъжиза бўлган бу Китоб одамлар осон ўқиб-англаб амал қилишлари учун улар яхши танийдиган ҳарфлар билан осон тушуниладиган қилиб юборилган. Қуръондаги сураларнинг жойлашиш тартибида ушбу сура ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланадиган сураларнинг сўнггисидир».
Qalam 68:4
И з о ҳ. Айрим муфассирларнинг айтишларича, бу оятдаги «Улуғ Хулқ»дан мурод улуғ диндир. Зеро, Аллоҳ таоло наздида Ислом динидан суюклироқ ва гўзалроқ бирон хулқ йўқдир. Оиша (Аллоҳ ундан рози бўлсин) онамиздан Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ахлоқлари тўғрисида сўралганида: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар», деб жавоб қилганлари ҳам юқоридаги тафсирни қувватлайди. Зотан, Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Дарҳақиқат, мен улуғ хулқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилганман», деб марҳамат қилганлар.
Qalam 68:16
И з о ҳ. Бу оятлар малъун кофир Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлгандир. У Қуръон оятларига аввалгилардан қолган афсоналар, деб, Пайғамбаримизга эса мажнун, деб туҳмат қилганида Аллоҳ таоло унинг бир эмас, тўққиз иллатини фош қилади. Шунда у мазкур иллатлардан саккизтасини рад эта олмайди, аммо тўққизинчи, бенасаб-ҳароми деган номни кўтара олмай, (чунки то Аллоҳ таоло Ўз ояти билан ошкор қилгунича Валид ўзининг ҳароми эканлигидан бехабар эди) бу шармандаликни ўзидан дафъ қилиш учун туққан онасини қисти-бастига олиб сўроққа тутганида онаси ҳақиқатан унинг зинодан бўлган бола эканлигини тан олади. Саҳобалардан Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) гувоҳлик беришларича, Аллоҳ таоло Ўзи ваъда қилганидек, Валид ибн Муғийра Бадр жангида «тумшуғидан тамғаланади», яъни худди бурнидан қилич еб, ўлгунича одамлар орасида ўша «тамға»си билан юради. Мана, ушбу оятларда бир кофир кимсанинг кирдикори ва кўргулиги ҳақида хабар берилгач, қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло ато этган неъматларга ношукурлик-нонкўрлик қилганлари учун бутун Макка аҳли қаҳатчилик ва очарчиликка мубтало қилинганлари баён этилиб, илгари ҳам Аллоҳ таоло имтиҳон қилиш учун берган ноз-неъматлардан камбағал-бечораларнинг ҳақларини бермасдан бахиллик қилганлари сабабли бир боғнинг эгалари бор будларидан маҳрум бўлганлари тўғрисидаги бир ибратли қисса сўйланади. Қиссанинг аввали будир: Маккадан унча узоқ бўлмаган Яман диёрида жуда катта мевали боғ эгаси бўлган бир киши ўтган эди. У ҳар йили ҳосил пишганида ундан камбағал-мискинларнинг ҳақ-улушларини ажратиб берарди. Лекин у киши вафот этгач, мевазор-боғнинг эгалари бўлиб қолган фарзандлари бошқа йўлни тутадилар. Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло мана шу ҳақда ҳикоя қилади.
Qalam 68:34
И з о ҳ. Ушбу оят нозил бўлганида Макка мушриклари: «Агар Муҳаммаднинг айтганлари рост бўлса, бизларга худди бу дунёда бўлганидек, Охиратда ҳам ундан ва у билан бирга бўлган мусулмонлардан яхшироқ ноз-неъматлар берилади», дея бошладилар. Шунда уларнинг бу пуч даъволарини инкор этиб қуйидаги оятлар нозил бўлди.
Qalam 68:42
И з о ҳ. Қиёмат куни ҳисоб-китоб шиддатли ва аҳвол оғир бўлади. Аллоҳ таоло халқлар ўртасида ҳукм қилиш учун келади, бир пайт У зотнинг мукаррам болдири очилади, бироқ бу махлуқларидаги бирон ҳолатга ўхшамайди. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Раббимиз болдирини очади ва ҳар бир мўмин ва мўмина Унга сажда қилади. Дунёда одамларга кўрсатиш ва эшиттириш учун риёкорона сажда қилган кимсаларгина қолади. Улар сажда қилмоқчи бўладилар-у, бироқ беллари (букилмайдиган) бир бутун қилиб қўйилади».
Haqqo 69:3
И з о ҳ. Ушбу оятларда «Ал-Ҳааққа» (Қиёмат Кунининг номларидан бири), яъни Аниқ рўй бергувчи Қиёмат ибораси кетма-кет уч бор такрорланди. Бунга сабаб, у Куннинг Аллоҳ таоло наздида нақадар улуғ мақом тутишини таъкидлашдир. Шунинг учун ҳам сўнгги оятда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга хитоб қилиниб, у куннинг қандай кун эканини, моҳият-ҳақиқатини сиз билмассиз, дейилди. Энди қуйидаги оятларда ўша Қиёмат Куни ҳақ эканлигини инкор этиб, ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ҳақида хабарлар берилади.
Ma'orij 70:3
И з о ҳ. Бу оятлар мушриклардан Назр ибн Хорис ҳақида нозил бўлган. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом кофирлар учун тайёрлаб қўйилган Аллоҳ таолонинг азоби бор эканлигини билдириб, уларни огоҳлантирганларида, Назр туриб: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин, ёки бизларга аламли азоб келтиргин», дейди. Мана шу тилакнинг ўзидан Назр ва у кабиларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: «Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», деган бўлур эдилар. Энди қуйидаги оятда барча фаришталар Қиёмат Кунида осмон қаватларини босиб ўтишиб, Аллоҳ ҳузурига тўпланишлари зикр қилинади.
Ma'orij 70:35
И з о ҳ. Мазкур оятларда ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифат-фазилатлари баён қилинди ва ана ўшалар жаннат неъматларига сазовор бўлгувчи зотлар эканликлари уқтирилди. Энди қуйидаги оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом атрофларига келишиб, тўп-тўп бўлиб ўтиришиб олишиб, у зот айтган сўзларни масхара қиладиган ва бир-бирларига саҳобаларни кўрсатишиб: «Агар мана шулар Муҳаммад айтаётгандек, жаннатга кирадиган бўлсалар, бизлар ҳеч шак-шубҳасиз, улардан олдинроқ ўша жойга кирамиз», деб сафсатабозлик қиладиган мушриклар ҳақида сўзланиб, уларнинг бундай тамаълари бефойда эканлиги таъкидланади ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломни улардан юз ўгиришга амр этилади.
Nuh 71:7
И з о ҳ. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, Нуҳ пайғамбарнинг қавмлари орасидаги кофир кимсалар Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом замонларидаги ва ундан кейинги даврлардаги кофирларга ўхшаб Аллоҳнинг динидан юз ўгириб, терс қараб кетмайдилар, балки улар худди ёш болаларга ўхшаб бармоқларини қулоқларига тиқиб, юзу кўзларини рўмоллар билан ўраб олишиб, Ҳақ йўлидан қайсарлик билан бош тортадилар. Бунга сабаб, Қуръони Карим бизларга ушбу сурада неча ўнг минг йиллар илгари ўтган, иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ алайҳиссалом замонларидан, яъни башариятнинг айни гўдаклик палласидан ҳикоя қилмоқда. Қуръоннинг бу ажиб услуби, яъни, ҳар бир давр ҳақида айни ўша даврнинг руҳи — тили билан сўзлаши — тасвирлаши ҳам унинг илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир далолатдир. Зеро, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломдек хат-саводи бўлмаган бир киши ўзининг инсоний онг — шуури билан узоқ ўтмиш қаърига сингиб кетган қавм-қабилаларнинг ҳар бирини «ўз тили» билан сўзлата олиши мумкин бўлмаган бир ишдирки, бунга фақат барча замонларда ҳаёт ва барча нарсадан огоҳ бўлган азалий ва абадий Зот — Аллоҳ таологина қодирдир.
Nuh 71:14
И з о ҳ. Ушбу ва қуйидаги оятларда нима сабабдан бандалар Аллоҳ таолога ибодат қилишлари зарур эканлигига далиллар келтирилгандир. Аллоҳ таоло инсонларнинг диққат-эътиборларини аввало ўзларининг қандай яратилганларига қаратади. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон она қорнида даставвал бир томчи сув бўлиб, сўнгра қуюқ қонга айланиб, кейин бир парча гўшт бўлиб, сўнгра унга жон ато этилиб ёруғ дунёга келиши ҳақида ўйлаган ҳар бир соғлом ақл ва тоза дил эгаси беихтиёр Яратганнинг қудратига-улуғлигига тасаннолар айтиб, У зотга сажда қилмай тура олмас. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар чексиз-чегарасиз эканлигига очиқ далолат қилиб турган самовот ва ундаги сайёралар ҳақида сўз юритилади.
Nuh 71:23
И з о ҳ. Бу оятда зикр қилинган бешта ном Нуҳ пайғамбар замонларидаги кофирлар сиғинадиган бут санамларнинг номидир. Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларига қулоқ солмай ўша бутларга сиғинганликлари учун ҳам тўфон балосига гирифтор қилиниб, ҳалок бўлганлар.
Jin 72:2
И з о ҳ. Саҳобалардан Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) гувоҳлик беришларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Бомдод намозини ўқиётган чоғларида бир гуруҳ жинлар ҳозир бўлишиб, Қуръон оятларини тинглаганлар ва дарҳол унга иймон келтирганлар. Лекин Расулуллоҳ уларнинг келишганидан ҳам, Каломуллоҳга қулоқ тутишганидан ҳам бехабар эдилар. Қачонки ушбу сура нозил қилинганидан кейингина у зот бу воқеадан воқиф бўлдилар. Юқоридаги оятларда жинларнинг Қуръонни эшитишлари билан «бу башар сўзи эмас, балки илоҳий мўьжиза», деб иймон келтирганлари тўғрисида хабар берилишидан кўзланган мақсад, муфассирларнинг айтишларича, биринчидан, барча инсониятга Каломуллоҳ фақат инсонлар учунгина эмас, балки жинлар олами учун ҳам илоҳий кўрсатма бўлиб нозил қилинганини эълон қилиш бўлса, иккинчидан, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни шахсан танийдиган ва у кишининг хат-саводлари йўқ эканлигини ҳам жуда яхши биладиган Макка аҳлига — арабларга, ўзларининг тилларида нозил бўлган, фасоҳат-балоғатининг беназирлигидан саводсиз одам эмас, балки дунёдаги энг етук адиблар бирлашиб ҳам ёза олишлари имконсиз бўлган бир Китобга — ҳатто жинлар ҳам эшитибоқ иймон келтирган Каломуллоҳга улар (Макка аҳли) иймон келтирмаганлари учун танбеҳ-дашном беришдир. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло мўмин жинлар тилидан ҳикоя қилишда давом этади.
Jin 72:5
И з о ҳ. Бу сўзлар жинлар томонидан Аллоҳ таолога айтилган узрдир. Яъни, улар инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ шаънига ёлғон сўзни айта олмайди, деб ўйлаганлари учун жинлардан бўлган Иблис уларга «Аллоҳнинг хотини, боласи бор», деб иғво қилганида унинг сўзларига ишонганлари ва қачонки Қуръон оятларини эшитганларидан кейингина Аллоҳ таолонинг бирон шериги йўқ яккаю ягона Зот эканини билишиб, «Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз», деб онт ичганларини айтишиб узр сўрамоқдалар.
Jin 72:6
И з о ҳ. Яъни, қадимда (ҳозир ҳам) айрим кимсалар бирон хилватроқ ерга бориб қўнмоқчи бўлсалар, ўша ернинг «эгалари» бўлган жинларнинг катталаридан паноҳ сўрар эдилар ва буни билган жинларнинг муттаҳамлиги янада зиёда бўлиб, «Мана бизлар фақат жинларга эмас, балки инсларга ҳам хожамиз», дейишиб ғурурланар эдилар. Ушбу оятда Қуръон бундай ақиданинг ботил эканлигини айтиб, жинлар ҳам худди инсонлар каби Аллоҳнинг бандалари эканликларини, бинобарин Аллоҳ таолонинг изни-иродасисиз ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмасликларини билдиради. Қуйидаги оятларда яна жинлар тилидан ҳикоя қилинади. Дастлабки оятда мўмин жинлар кофирларига хитоб қилиб, дедилар:
Jin 72:10
И з о ҳ. Мазкур оятлардан маълум бўладики, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари, жоҳилийят даврида жинлар осмон хабарларини ўғирлаб, айрим коҳин-фолбинларга етказиш билан машғул бўлар эканлар. (Бу ҳақда «Ҳижр» сурасининг 18-оятига берилган изоҳда батафсил айтилган эди). Аммо Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач эса жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этишларича, улар Аллоҳ ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани, яъни, яхшилик ё ёмонликни ирода қилишидан мутлақо бехабардирлар. Бас, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш нодонликдан ўзга нарса эмасдир. Паноҳ ҳам, нажот ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралиши лозимдир. Қуръон ушбу оятлари билан мўмин-мусулмонларни ҳар қандай ваҳму гумондан халос этади. Қуйидаги оятларда жинлар тилидан ҳикоя қилиш давом этилади.
Jin 72:15
И з о ҳ. Мана шу оятга келиб, иймон келтирган жинлар тилидан қилинган ҳикоя ниҳоясига етди.
Muzzammil 73:3
И з о ҳ. Ушбу оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга кечанинг ярмини ёки учдан иккисини ёхуд учдан бирини бедор бўлиб тоат-ибодат билан ўтказиш ҳамда Қуръони Каримни шошмасдан, мазмун-моҳиятига эътибор бериб тиловат қилиш буюрилди. Бу оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида турли ривоятлар мавжуддир. Улардан бирида айтилишича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Қурайш кофирлари тўпланишиб Ислом динига ва Пайғамбарнинг ўзларига қарши ҳар хил макр-ҳийла режаларини тузишаётганидан хабар топгач, ғамгин бўлиб, кийимларига ўралган ҳолларида ётиб, энди уйқуга кетганларида, Жаброил фаришта мазкур оятларни келтириб, уларда Пайғамбаримизга ҳозир уйқу вақти эмаслиги, балки тунларни тоат-ибодат билан бедор ўтказиб, барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинаётган илоҳий Қўлланма — Қуръонни дона-дона қилиб ўқиб, кишиларга етказиш вақти эканлиги уқтирилади.
Muzzammil 73:6
И з о ҳ. Тун сукунатида ибодат қилаётган киши Қуръонни ҳам адашмай тиловат қилади, дуо-илтижоларни ҳам ҳузури дил билан бехато қилади ва бу вақтда ўзгалар уйқу-ғафлатда бўлгани учун унинг қилган ибодати — ўқиган намози бериё, яъни ёлғиз Аллоҳ учун бўлади.
Muddassir 74:1
И з о ҳ. Саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом юқоридаги оятлар нозил бўлиши хусусида шундай деганлар: «Мен бир куни йўлда кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, баногоҳ мен Ҳиро ғорида эканлигимда олдимга келган фаришта осмон билан Ернинг ўртасида муаллақ бўлган бир курсида ўтирибди. Бу ҳолни кўриб қўрққанимдан ерга йиқилдим ва қалтираб-титраган ҳолимда уйга етиб келиб, «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедим. Энди кўрпага бурканиб ётганимда, менга «Эй (либосларига) бурканиб олган зот», деб бошланган оятлар нозил бўлди».
Muddassir 74:10
И з о ҳ. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини зиммасидаги пайғамбарлик вазифасини сабр-тоқат билан адо этишга чорлаб, у зотга яқинда дин йўлига ғов бўлган кимсалар учун қийин бир Кун — Қиёмат келиши тўғрисида хабар берди. Энди қуйидаги оятларда ўша кофирлардан бири бўлган Валид ибн Муғийранинг Қуръон ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга қарши қилган кирдикори ва у топажак оқибат ҳақида сўз боради.
Muddassir 74:48
И з о ҳ. Яъни Қиёмат Кунида ҳаёти-дунёдан кофир бўлиб ўтган кимсалар ўзлари учун бирон оқловчи топа олмаслар ва агар фаразан Ер юзидаги барча одамлар уларни оқлаган тақдирда ҳам бу оқлов уларга фойда бермас! Юқоридаги оятларда кофирлар топадиган оқибат зикр қилинди. Энди қуйидаги оятларда уларнинг Ҳақдан юз ўгиришлари тўғрисида бир ибратли мисол келтирилади:
Muddassir 74:52
И з о ҳ. Макка мушриклари Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга: «Токи сен бизларнинг ҳар биримизга осмондан алоҳида саҳифа келтирмагунингча ва бу саҳифада ҳар биримизга Аллоҳ томонидан сенга эргашиш буюрилганини ўқиб кўрмагунимизча, сенга иймон келтирмаймиз», деганларида, ушбу ояти карима нозил бўлди.
Qiyomat 75:2
И з о ҳ. Ушбу ояти каримадаги «маломатгўй нафс» ўз эгаси Аллоҳ таолога ибодат қилишда қосирлик-бепарволик қилса, маломат қиладиган нафсдир. Умуман, Қуръонда нафс калимаси уч хил сифат билан келади: 1. Нафси аммора (ёмонлик-гуноҳга) буюргувчи нафс (Юсуф сураси, 53-оят); 2. Маломатгўй нафс; 3. Хотиржам-сокин нафс (Фажр сураси, 27-оят).
Qiyomat 75:4
И з о ҳ. Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида ҳар бир инсоннинг бармоқларигача тиклаб — асл ҳолига келтириши ҳақидаги хабардан икки нарсани уқиш мумкин: Биринчидан, шундай кичик нозик бармоқларни тиклашга қодир бўлган Зот бошқа суяк-сўнгакларни ҳам тиклай олиши шубҳасиздир. Иккинчидан, Қиёмат қойим бўлганида ҳар бир банда ҳаёти-дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларига жавоб берар экан, унинг бармоқлари бутун бўлиши ўта муҳимдир. Чунки дунёдаги ҳеч бир кишининг бармоқ изи иккинчи кишининг бармоқ изига ўхшамайди. (Бу ҳақиқатни илм-фан ўрганиб, исботлашидан неча аср илгари Қуръони Карим бир оғиз сўз билан айтиб қўйганининг ўзи барча инсонни ҳар бир бармоғигача яратган ҳам, ушбу азиз Китобни юборган ҳам ёлғиз Аллоҳ эканига очиқ далолатдир)! Бинобарин, қилинган барча эзгулик ҳам, ёмонлик ҳам адолат тарозусида тортилиб, ўзининг мукофот ёки жазосини оладиган Кунда ҳар бир бармоқ ўз эгасининг ҳаёти-дунёда қилиб ўтган қилмишларига жонли гувоҳ бўлиши шубҳасиздир.
Qiyomat 75:6
И з о ҳ. Иймонсиз кимсаларни ёмон амаллар қилишдан қайтарилса, улар ўзлари ўрганиб қолган фисқ-фужурларидан ажралгилари келмасдан «Қиёматгача ҳали жуда узоқ, кексайганимизда қилган гуноҳларимизга тавба-тазарру қилиб оламиз», дейдилар, (Худди қўлларида то кексайиб, тавба қилгунларича ўлмаслик ҳақида васиқалари бордек)! Қуйидаги оятларда ана шундай кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволи тасвирланади.
Qiyomat 75:15
И з о ҳ. Яъни инсон ҳаёти дунёдалик пайтида ҳар қандай ҳакамни ўз тили-нутқи билан алдаб кетиши мумкин, аммо Қиёмат Кунида — ёлғиз Аллоҳ таоло ҳакам бўлган пайтида инсоннинг нотиқлиги бекор-бефойда бўлиб қолади. Чунки у Кунда инсон ўзини оқлаш учун қандай сабаб-баҳоналар топмасин, Аллоҳ таоло томонидан унинг баданидаги барча аъзоларига тил ато этилиб, улар ўз эгаларининг қилиб ўтган гуноҳларига гувоҳлик берадилар. Мазкур оятларда Қиёмат Куни ва инсоннинг у Кундаги аҳволи тасвирлангач, энди сўз Қуръонга ва унинг оятларини Жаброил фариштадан қабул қилиб олиш тариқасига кўчади. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ўзларига ваҳий нозил бўлаётган пайтда бирон калима ёдларидан чиқиб қолмаслиги учун лабларини қимирлатиб — такрорлаб турар эдилар. Ушбу оятларда у зотга бундай қилишнинг ҳожати йўқ эканлиги уқтирилди.
Qiyomat 75:19
И з о ҳ. Яъни, Аллоҳ таоло Ўз каломидаги тушуниб етиш мушкул бўлган айрим оятларни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга англатиш кафолатини ҳам Ўз зиммасига олиб, пайғамбаримизни хотиржам қилмоқда. Мана шу оятлар келгач, Расулуллоҳ ваҳий нозил бўлаётган вақтда бошларини қуйи солиб, хомуш ўтирадиган ва қачонки ваҳий келтирган Жаброил алайҳиссалом кетганларидан сўнггина нозил қилинган оятларни ўқийдиган бўлдилар. Қуйидаги оятларда сўз яна Қиёмат Кунини ёлғон дегувчи кимсаларга ва у Куннинг аҳволини тасвирлашга қайтади.
Qiyomat 75:23
И з о ҳ. Дарҳақиқат, аҳли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. Саҳиҳул-Бухорийда ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрурсизлар».
Qiyomat 75:25
И з о ҳ. Ушбу оятларда Қиёмат Кунида кишилар албатта икки гуруҳга — саодатмандлар ва бадбахтларга бўлинишлари ҳақида хабар берилгач, қуйида инсонларнинг дунё ҳовлисидан Охират диёрига кўчишлари — жон таслим қилиш соатлари ғоят жонли лавҳаларда тасвирланади.
Qiyomat 75:30
И з о ҳ. Дунёда яшаш соати битиб, ажали етган ҳар бир киши топган бола-чақасини ҳам, мол-давлатини ҳам, шаъну-шавкатини ҳам тарк этиб, ёлғиз ҳолда Аллоҳ таоло ҳузурига ҳайдалиши бор экан, демак у Яратганга ёруғ юз билан рўбарў бўлиш учун ҳаёти-дунёдаги ҳар бир лаҳзасини иймон-эътиқод ва эзгу амаллар қилиш билан ўтказиши лозим. Аммо калтабин инсон эса...
Inson 76:1
И з о ҳ. Ушбу ояти каримани муфассирлар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Аллоҳ таоло Ер юзидаги барча мавжудотни ва ундаги ҳаёт кечиришга қулай мувофиқ иқлимни Инсон учун яратгандир. Лекин Аллоҳ мана шу оламни яратганидан то Одам алайҳиссаломни яратиб, унга жон ато этгунича орадан ўтган узун бир муддатда инсон исмли, Яратганнинг Ер юзидаги халифаси бўлгувчи жонзот дунёга келиши зикр қилинмаган — тилга олинмаган эди. Иккинчи тафсир: Одамзот она қорнида пайдо бўлганидан тортиб, то инсон шаклига кириб, унга жон ато этилгунича ўтадиган муддатда уни аввал нутфа, сўнг лахта қон, кейин бир парча гўшт деб номланади-ю, аммо уни ҳали инсон дейилмайди. Аниқки, ҳар бир инсон то онадан таваллуд топгунича мана шу савдоларни ўз бошидан ўтказгандир.
Mursalot 77:23
И з о ҳ. Ушбу оятларда яна қайта тирилиш масаласи баён қилинди. Мана бу ҳадиси қудсий ҳам юқоридаги оятларга муносиб тафсирдир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом бир куни кафтларига тупурдилар-да, саҳобаларга бармоқлари билан ўша тупукни кўрсатиб дедилар: «Аллоҳ таоло айтур: «Эй одам боласи, ахир Мeн сени худди мана шунга ўхшаган бир томчи сувдан яратдим-ку! Бас, сен Мендан (яъни, Қиёмат Куни Менинг ҳузуримга йиғилиб, ҳисоб-китоб беришдан) қаёққа ҳам қочиб қутула олар эдинг?!»
Mursalot 77:26
И з о ҳ. Мазкур оятлардан заминни беҳуда она дейилмаслиги маълум бўлади. Зеро, у тирикларни ўз елкасида — устида кўтариб турса, ўликларга ўз қучоғидан жой беради.
Naba' 78:5
И з о ҳ. Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг Макка аҳлига қайта тирилиш ҳақ эканлиги ҳақида хабар берганларида, айрим мушриклар бу хабарни инкор қилган бўлишса, айримлари унга гумон билан қарашиб, бир-бирлари билан шу ҳақда талашиб-тортиша бошладилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, уларнинг бундай савол-жавоблари нодуруст экани ва эрта бир кун — Қиёмат қойим бўлгач, улар бу хабарнинг ҳақ эканлигини билиб қолишлари, аммо у Кунда уларнинг билишлари ҳам, тавба-тазарру қилишлари ҳам бефойда бўлиб қолиши таъкидланди. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таолонинг қудратини намойиш этадиган, ўлган жасадни қайта тирилтиришга нисбатан беқиёс улкан ва улуғ илоҳий мўъжизалар санаб ўтилади.
Naba' 78:9
И з о ҳ. Дарҳақиқат, уйқу Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидин биридир. Зеро, дунёдаги барча жонзот мубтало бўлган толиқиш, чарчаш деган бир дард борки, бу дарднинг уйқудан бўлак дармони йўқдир. Эҳтимол уйқусизлик дардига йўлиққан кишини бирон дори воситасида ухлатиш мумкиндир, лекин мана шу уйқуни яна бадтар чарчатадиган меҳнат эмас, балки ором-роҳат қилиш Яратгандан ўзганинг қўлидан келмас.
Naba' 78:16
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг қудратини кўрсатиб турадиган тўққиз ёрқин далилни келтиргач, энди яна аввалги мавзу — қайта тирилиш мавзусига қайтилади.
Noziot 79:5
И з о ҳ. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Ўз фаришталарининг номига қасам билан ўлгандан кейин қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир иш учун ҳисоб бериш бор эканининг хабарини берди. Дарвоқеъ, Аллоҳнинг лашкарлари ҳисобланмиш, сон-саноғини ёлғиз Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайдиган фаришталар Аллоҳ таоло амр этган ҳар бир ишни адо қилишга ҳозиру нозир бўлиб турар эканлар. Хусусан, ўлим фариштаси ва унинг ёрдамчилари томонидан бандаларнинг жонларини олиш соати ибратлидир: Ҳадиси шарифда айтилишича, улар кофирнинг жонини олишда худди баданининг ҳар бир аъзосидан мих суғургандек азоблаб олар эканлар, мўминнинг жони эса унинг танасидан гўё боғлиқ қўл арқондан бўшатилгандек осон ва роҳат билан чиқиб кетар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом доим намозларидан кейин: «Парвардигоро, бизларга ўлим мастлигини (яъни, жон чиқар соатидаги машаққатни) осон қилгил», деб дуо қилар эдилар. Энди қуйидаги оятларда юқорида зикр қилинган қайта тирилиш соатидаги аҳвол тасвирланади.
Noziot 79:26
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Мусо алайҳиссалом қилган даъватни қабул қилмасдан, унга қарши фитна-фасод тарқатиб юргани сабабли дунё ва Охират азобига гирифтор қилинган Фиръавн қиссаси зикр қилингач, бу қиссадан фақат Аллоҳдан қўрқадиган кишиларгина ибрат ва панд-насиҳат олишлари таъкидланди. Бинобарин, Яратгандан қўрқмайдиган эътиқодсиз кимсаларга ҳеч қандай мўъжиза ёки ваъз-насиҳат кор қилмаслиги аниқ экан. Энди қуйида Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча халойиқни қайта тирилтириб, уларни ҳаёти-дунёда қилиб ўтган амалларига яраша жазолашига шак келтиргувчи кимсаларга хитоб қилинади.
Abasa 80:2
И з о ҳ. Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Қурайш зодагонларидан бир гуруҳини Исломга даъват қилиб турганларида, олдиларига Абдуллоҳ ибн Умми Мактум исмли кўзлари ожиз бир саҳоба келиб, бир неча бор: «Ё Расулуллоҳ, менга Аллоҳ сизга билдирган нарсалардан таълим беринг», деб такрорлади. Чунки у киши аъмо бўлганлари сабабли Пайғамбаримизнинг бошқалар билан банд эканликларини сезмаган эди. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳалиги Қурайш катталари Исломни қабул қилишса, уларга эргашиб орқаларидаги тобеълари ҳам мусулмон бўлиб қолади, деган умид билан берилиб сўзлаётганлари сабабли, мана шу пайтда Абдуллоҳ ибн Умми Мактум келиб сўзларини бўлганидан аччиғланиб, қовоқ солдилар ва у кишига орқа ўгириб, Қурайш катталари билан сўзлашишда давом этдилар. Шунда Пайғамбаримизга танбеҳ бўлиб мазкур ва қуйидаги оятлар нозил бўлди. Шу ўринда биз муҳтарам ўқувчи эътиборини мазкур оятлардаги икки ибратли нуқтага жалб этмоқчимиз. Биринчидан, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби ва сўнгги пайғамбарига танбеҳ берар экан, у кишига бевосита хитоб қилмади, балки гўё учинчи шахс ҳақида гапираётгандек танбеҳ бердики, бу Дўст Дўстга қиладиган муомаланинг беназир намунасидир. Иккинчидан, агар бизда Аллоҳ таолонинг Ўзи «шак-шубҳасиз, сиз улуғ Хулқ устидадирсиз», (Қалам сураси, 4-оят) деб таърифлаган Пайғамбаримиз мазкур воқеада бир аъмо кишига озор бердиларми, деган савол туғилса, бундай саволнинг жавоби ҳам ўша воқеанинг ўзида мавжуддир, яъни юқоридаги оятлар гувоҳлик беришича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом у кишининг дилига озор берадиган бирон қаттиқ сўз айтганлари йўқ, балки фақатгина қовоқларини уюб, юз ўгирдилар холоски, бундай ҳолатни кўзи ожиз одам кўра олмагани учун озор топмаслиги аниқдир. Аллоҳ таолонинг танбеҳидан сўнг Расулуллоҳ қачон Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни кўриб қолсалар: «Марҳабо, эй менга Парвардигоримдан дашном олиб берган зот», деб у кишига пешвоз чиқадиган бўлган эканлар.
Takvir 81:14
И з о ҳ. Мазкур оятларда Қиёмат Кунида рўй берадиган ўн икки ҳодиса ҳақида хабар берилди. Демак, у Кунда кечаётган даҳшатнинг зиёдалигидан қуёшнинг нури сўниб, юлдузлар ҳар ёққа сочилиб кетади ва тоғлар ҳам жойларидан жилдирилиб, худди булутлар каби осмонда сузиб юради. Саҳро аҳли жуда авайлайдиган ва уларнинг бой-бадавлатликлари рамзи бўлган — туғиш соати яқинлашиб қолган бўғоз туялар ҳам эгаларининг ёдидан кўтарилиб, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолади (яъни, кишилар ўзларининг энг ардоқли нарсаларини ҳам унутадилар). Доимо бир-бирларининг гўштларини еб тирикчилик ўтказадиган ваҳший ҳайвонлар ҳам қандай қилиб бир жойга тўпланганларини билмай қоладилар, денгизлар эса сувлари қуриб, худди тагидан олов ёқилаётган қозонга айланадилар (минг-минг йиллик денгизларнинг бугунга келиб қурий бошлагани ўша Кун яқин қолганининг аломати эмасмикан?), инсонлар ўлиши билан чиқиб кетган жонлари қайта ўз баданларига киради, шунингдек, у Кунда тириклай кўмиб юборилган мазлума қизларнинг ҳам додига етилади (бу ҳақда «Наҳл» сурасининг 59-оятида батафсил изоҳ берилган) ва инсон ўлиши билан ёпилган номаи аъмоли қайта очилиб, ҳисоб-китоб қилинади, у Кунда Ернинг томи бўлган осмон ҳам очиб юборилади ва ниҳоят кофирларга ловуллаб ёнаётган дўзах, мўминларга эса жаннат яқин қилинади — мана шу воқеа-ҳодисалар содир бўладиган Қиёмат Кунида ҳар бир жоннинг ҳаёти-дунёда қилиб ўтган яхши амаллари ўнг ёнига, ёмон амаллари чап ёнига келтириб қўйилади ва ҳеч ким ўз амалидан тона олмайди! Демак, ўша Куннинг қийноқ-азобидан халос бўлишни истаган ҳар бир инсон бугунини Исломий эътиқод ва эзгу амал билан ўтказмоғи вожибдир!
Infitor 82:8
И з о ҳ. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло инсонга ўзининг ким томонидан яратилиб, бундай ақл-ҳуш, мавзун қомат ва гўзал суратга эга бўлганини уқтирмоқда ва ундан ўзини бошқа барча махлуқотлардан ажратиб шундай азизу мукаррам қилиб яратган улуғ Парвардигорига нега қуллуқ — ибодат қилмаётганини сўраб танбеҳ бермоқда. Дарҳақиқат, инсон вужудидаги қай бир аъзога ибрат кўзи билан қаралса — ундаги мукаммалликни кўриб, Яратганнинг буюк қудратига, билим ва ҳикматига қуллуқ қилмасдан илож қолмайди. Энди қуйидаги оятларда динсиз кимсалар Аллоҳ таолонинг амрига итоат этмасликларининг сабаби нима эканлиги зикр қилинади.
Mutaffifin 83:9
И з о ҳ. Сижжийн — уламоларнинг таъкидлашича, етти қават ер остида тургувчи, инсу жиндан бўлган кофирларнинг номаи аъмоллари битиб қўйиладиган бир китобдир.
Mutaffifin 83:14
И з о ҳ. Яъни уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий Ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар.
Mutaffifin 83:21
И з о ҳ. Иллийюн — Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, еттинчи осмонда Аллоҳ таолонинг Арши аълоси остидаги бир макон бўлиб, инсу жиндан бўлмиш мўминларнинг номаи аъмоллари битилган китоб ўша маконда сақланади.
Inshiqoq 84:19
И з о ҳ. Ушбу оятларда Аллоҳ таолонинг илоҳий қалами билан ҳар бир инсоннинг ҳаёт-мамотидаги бир ҳолдан иккинчи ҳолга кўчиши тўғрисида бетакрор манзара чизиб берилди. Дарҳақиқат, худди уфқни қон йиғлатиб кун ботиб, сўнг атрофни тун зулмати қоплаб, кейин самога балқиб чиққан тўлин ой кечани бамисоли кундузга айлантириб, агар ерга игна тушса топилгудек ёруғ қилиб юборгани каби ҳар бир инсон ҳам ўз ҳаётининг шомида устида турган яқинларини қон йиғлатиб, ўлим деб аталган остонадан ҳатлайди. Энди у ёш тамоман бошқа бир ҳолат — худди тун қоронғулиги янглиғ қабр зулмати. Лекин бу асло сўнгги ҳолат эмас, балки киши бошидаги ҳолатлар занжирининг бир ҳалқаси холос. Навдатдаги ҳолат Қиёмат қойим бўлган Кунда рўй беради. У Кунда худди тўлин ой тун қоронғулигида яшириниб ётган барча нарсани ошкор қилганидек, ҳар бир кишининг қоронғу ўтмиши ибтидосидан интиҳосигача, ипидан-игнасигача ёритилиб, ҳисоб-китоб қилинади ва навбат кейинги ҳолатларга келади. Улар энди абадий саодат ёки мангу азобдир! Шундоқ экан...
Inshiqoq 84:21
И з о ҳ. Бу ояти карима навбатдаги сажда ояти бўлиб, у тиловат қилинганида ўқувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта Аллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади.
Buruj 85:7
И з о ҳ. Ушбу оятларда қадимда ўтган бир золим подшоҳ ва унинг малайлари мўминларни Аллоҳ таолога бўлган иймон-эътиқодларидан қайтариш учун қўллаган мудҳиш чоралари ва оқибат-натижада ўзлари қазиган чоҳга ўзлари қулаб ҳалок бўлганлари ҳақида хабар берилди. Ўшанда улар мўминларни ташлаб ёқиб юбориш учун узун ва чуқур чоҳ кавлашиб, ҳар бир мўминни ўша чоҳ ёқасига келтиришгач, агар иймонидан қайтмаса, мана шу ловуллаб ёниб турган чуқурга итқитилишини айтишганида, бирон мўмин иймонсиз яшашни иймон билан шаҳид бўлишдан ортиқ билмаган экан. Лекин улар ўша чуқурга отилган пайтларида ҳали олов баданларига тегмасидан Аллоҳ таоло уларнинг жонларини Ўз ҳузури олийсига чорлаган, мўминларнинг жасадларини куйдиришдан ор қилган олов эса юқорига ўрлаб, чоҳ ёқасида томошабин бўлиб ўтирган кофирларни куйдириб ҳалок қилган экан. Бу қиссадан ҳисса шуки, мангу саодатга элтгувчи Иймон йўли осон йўл эмас, балки барча замонлардаги носоз тузум ва бузуқ жамиятларда аҳли иймон бошига ана шундай оғир синов тушиши мумкин. Ана ўша пайтда иймон имтиҳонидан гарчи шаҳид бўлиш баробарига бўлса-да, ўта олган мўминлар нажот топган бўлурлар. Уларга зулму-ситам кўрсатган мустабид ҳокимлар эса шак-шубҳасиз, ҳалокатга маҳкумдирлар.
Buruj 85:18
И з о ҳ. Яъни улар кофир бўлганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлдилар-ку! Бас, Қуръонга ва Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга иймон келтирмаганлар ҳам худди ўшалар каби ҳалок бўлурлар!
Toriq 86:10
И з о ҳ. Демак ҳар бир инсон ўзини бир томчи сувдан яратишга қодир бўлган Аллоҳ уни Қиёмат Куни қайта тирилтиришга ҳам қодир эканини ўйлаб, куч-қувватининг борида имон-эътиқод ва яхши амал билан ўша Кунга ҳозирлик кўрсин. Мазкур оятларда Қиёмат ҳақида хабар берилгач, энди мана шу хабар келган Қуръони Карим қандай китоб экани баён қилинади.
A'lo 87:8
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Шариати Исломийя динларнинг ичида энг осон ва енгилидир. У буюрган барча аҳкомларни ҳар бир ақли расо киши ҳеч қийналмасдан адо этиши мумкин. Фақат ёлғиз Аллоҳга ва У зот юборган Қуръонга сидқидилдан иймон келтирган бўлса, бас.
G'oshiya 88:16
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда кофирлар тушадиган дўзах азоби ва мўминлар етадиган жаннат неъматлари тасвирланди. Охират ҳаётидан келтирилган бу жонли лавҳалар кишилар ибрат олишлари учун эди. Энди инсонлар кўриб ибрат олишлари ва Яратганнинг борлигини, бирлигини билиб иймон келтиришлари учун улар ҳар кун, ҳар соатда рўбарў келадиган тўрт нарса мисол тариқасида келтирилди.
G'oshiya 88:20
И з о ҳ. Ушбу оятларда кишиларнинг назари аввало ҳайвонот оламидан «Саҳро кемаси» деб ном олган туяга қаратилмоқда. Дарҳақиқат, саҳро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларни бажарувчи хизматкор, унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада баққувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у «харсанг тош» ўрнидан кўчиб, исталган тарафга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг баданидаги ҳар бир аъзо нақадар саҳрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг қудратига тан бермай илож йўқ. Энди яна кўриб, ибрат олишимиз лозим бўлган мавжудотлардан бири устимизда «том» бўлиб, бизларни бошқа сайёралар ва бошқа оламлардан етиши мумкин бўлган зиён заҳматдан сақлаб тургувчи осмон бўлса, яна бири «ернинг қозиқлари» бўлган тоғлардирки, улар ўзларининг атрофидаги иқлимни мудом мўътадиллаштириб туришларидан ташқари ичларида инсонлар учун зарур бўлган хазиналарни ҳам асраб берадилар. Энди тоғлардан ерга тушадиган бўлсак, у ҳам бизлар яшашимиз, уй-жойлар бино қилишимиз ва экинзорлар, боғ-роғлар барпо этишимиз учун қулай-текис қилиб қўйилибди. Хўш, буларнинг барчаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб, шундай аниқ ва ҳикматли тартиб-интизомга келиб қолдиларми? Ёки бу мавжудотларнинг ҳар бирини одамлар ўз қўллари билан яратиб, мана шундай жойлаштириб қўйдилармикин? Бу икки тахминнинг ҳам тўғри эмаслигини билиш учун катта илмнинг ҳожати йўқ, фақат тоза, заҳарланмаган фикр ва озгина инсоф бўлса бас, мазкур мавжудотларни яратиш фақат барча оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолонинг қудрат қўлидан келиши маълум бўлади-қолади. Шунинг учун ҳам юқоридаги оятларда барча инсонлар Еру осмондаги нарсаларга холис кўз билан, ибрат олиш учун назар солишга даъват қилиндилар. Қуйидаги оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга кишиларни Исломга даъват этишда мана шундай ибратли мисоллар билан панд-насиҳат қилиш йўлини тутмоқ амр этилди.
Fajr 89:14
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда куфру исёнлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган қавм ва қабилалар зикри ўтгач, энди бахт-саодатни мол-дунё билан ўлчайдиган кофир кимсалар ҳақида хабар берилади.
Fajr 89:17
И з о ҳ. Аллоҳ таоло бировни яхши кўргани учун бой қилиб, ёки бошқа бировни ёмон кўргани учун камбағал қилиб қўймайди. Умуман, агар Аллоҳ наздида мол-дунёнинг пашшанинг қанотича ҳурмати бўлганида, кофирга ундан бир чақа ҳам бермаган бўлур эди. Лекин Аллоҳ таоло инсонларни шукр қиладиларми-йўқми синовдан ўтказиш учун ризқларини танг қилиб қўяди. Демак, инсоннинг бойлик билан суюниб, камбағаллик билан куйиниб кетиши нотўғридир. Оятнинг давомида энди Макка кофирларига хитоб қилиниб, уларнинг ўта очкўз ва хисис кимсалар эканликлари, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилмасликлари ва ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормасликлари фош қилинади.
Balad 90:4
И з о ҳ. Яъни, инсон ўзига жон ато этилганидан то ўша жон баданини тарк қилиб чиқиб кетгунича меҳнат-машаққатда ҳаёт кечиради. Бу борада мусулмон ҳам, кофир ҳам бир-бирига ўхшаган меҳнат-машаққатларни бошдан ўтказадилар. Лекин мусулмон киши Яратувчи буюрган иш-амалларда жон куйдиради, ўзининг куч-ғайратини имкон қадар савобли ишларга сарфлайди ва керак бўлса Ҳақ йўлида жонини қурбон қилиб, Охиратдаги мангу роҳат-фароғатга эришади. Аммо кофир, эътиқодсиз кимсалар эса арзон ҳою-ҳаваслар ва ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам бефойда-бевафо бўлган пуфак орзу-хаёлларга етиш йўлида жонларини жабборга бериб, оқибатда бу дунёдаги меҳнат-машаққатларидан ташқари у дунёдаги дўзах азоби-машаққатига ҳам гирифтор бўладилар. Қуйидаги оятларда ана шундай топган мол-дунёси ва куч-қуввати билан мағрурланиб, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга ва бошқа мўминларга дилозорлик қилиб юрадиган бир кимса ҳақида ҳикоя қилинади.
Balad 90:10
И з о ҳ. Яъни, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, яхшилик йўлига юришга ҳам, ёмонлик йўлига юришга ҳам ихтиёр бериб қўйди. Бу икки йўл ҳам баландликдир. Демак, иккисига чиқиш учун ҳам тер тўкиш, машаққат чекиш лозим бўлади. Лекин яхшилик баландлигига чиқиш учун саъй-ҳаракат қилиб довондан ўтган киши жаннат неъматларига етса, ёмонлик баландлигига чиққан кимса унинг ортидаги дўзах жарлигига қулайди.
Shams 91:10
И з о ҳ. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос томонидан (Аллоҳ у кишилардан рози бўлсин) ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом қачон юқоридаги оятларни тиловат қилсалар, бир тўхтаб Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Аллоҳим, Ўзинг нафсимга — жонимга тақво ато этгин, Ўзинг унинг Эгаси — Хожасисан ва Ўзинг уни энг яхши поклагувчисан». Энди қуйидаги оятларда Самуд қабиласининг кирдикорлари баён қилинади. Улар ўзларига юборилган Пайғамбар Солиҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилишиб, у зотдан мўъжиза талаб қилганларида Солиҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг қудрати билан бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўядилар ва Самуд қабиласининг одамларига у туяга бирон зиён-заҳмат етказмасдан, навбати келганда, суғориб туришни буюрадилар ва акс ҳолда ҳалокатга учрашлари ҳақида огоҳлантирадилар. Лекин у кофирлар пайғамбарнинг устидан кулишиб, туяни сўйиб ташлайдилар ва оқибатда барчалари ҳалок бўладилар. (Биз бу ҳодиса ҳақида аввалги сураларнинг изоҳларида ҳам айтиб ўтган эдик).
Shams 91:15
И з о ҳ. Яъни Еру осмонлардаги барча мавжудот Аллоҳ таолонинг Ўз мулки бўлгани сабабли У зот Ўз мулкини ўзи хоҳлагандек тасарруф қилади ва бу тасарруфи хусусида ҳеч кимнинг олдида ҳисоб-китоб бермайди. Аксинча, бутун борлиқ У зотнинг ҳузурида ҳисоб-китоб беради.
Layl 92:7
И з о ҳ. Ушбу оятлардан маълум бўлиишча, ким дунё ва Охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун осон йўл изласа, у киши уч хислатга эга бўлиши лозим экан: ўз зиммасидаги Аллоҳ таоло буюрган хайр-эҳсонни камбағал бечораларга ато этиш, мудом тақво билан, ёлғиз Аллоҳдан қўрқиб яшаш ва яхши амал учун гўзал мукофот — жаннат бўлишини чин дилдан тасдиқ этиш. Аллоҳ таоло ана шу уч хислатга эга бўлган кишиларга жаннат йўлини осон қилишга ваъда берди. Энди қуйидаги оятларда юқоридаги хислатларнинг зиддига мубтало бўлган кимсалар ва улар топажак оқибат ҳақида сўз юритилади.
Layl 92:13
И з о ҳ. Яъни дунёнинг ҳам, Охиратнинг ҳам яккаю ягона ҳақиқий подшоҳи — эгаси ёлғиз Аллоҳ таолодир. Бас, кимки Аллоҳдан ўзга бирон кимсага бош эгса, Аллоҳдан ўзга бирон кимсадан ҳидоят ёки бахт-саодат сўраса, у очиқ гумроҳдир.
Zuho 93:3
И з о ҳ. Ушбу оятлар Пайғамбаримизга ваҳий келиши бир неча муддат тўхтаб қолган ва айрим мушриклар «Мана Муҳаммадни Парвардигори ташлаб кетди», деб гап тарқатган вақтларида нозил бўлгандир. Аллоҳ таоло Ўзи яратган чошгоҳ (ёруғлик) ва кеча (қоронғулик) ҳақига қасам билан Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни тарк этмагани ва ёмон кўриб қолмагани ҳақида хабар бериш орқали гўё ойнинг (ваҳий келмай қолган) ўн беши қоронғу бўлган бўлса, қолган ўн беши ёруғ бўлишига ишора қилаётгандек.
Zuho 93:6
И з о ҳ. Бу ўринда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ёш гўдаклик чоғларида етим бўлиб қолганларида аввал боболари Абдулмутталиб, сўнгра амакилари Абу Толиб қарамоғларида тарбия топганларига ишора қилинмоқда.
Zuho 93:11
И з о ҳ. Ушбу илоҳий йўл-йўриқлар фақат Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ўзларига тааллуқли бўлмай, балки у зотнинг барча умматларига ҳам алоқадордир. Зеро ҳар бир иймон-эътиқодли кишининг бурчи ўзи фазлу марҳаматига муҳтож бўлган энг олий зот Аллоҳ таолонинг унга ато этган беҳисоб ноз-неъматларини эслаб, ўзига муҳтож бўлган етим-бечораларга зулм қилмай, аксинча уларга қўлидан келганича ёрдам бериб юрмоқдир.
Sharh 94:3
И з о ҳ. Мазкур оғир юкдан мурод Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом йўл қўйган ва йўл қўядиган — мунофиқларнинг жиҳодга чиқмасликларига изн беришлари, олдиларига келган кўзи ожиз саҳобага қовоқ уйганлари каби кичик хатолар эдики, булар мудом оғир юк бўлиб Пайғамбаримизнинг елкаларини эзиб турар эди. Ушбу оятлар билан Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби ва сўнгги пайғамбарига у кишининг бу янглиғ кичик хатолари афв этилгани хусусида хабар бермоқда. Энди қуйидаги оятда Расулуллоҳга ато этилган яна бир фазли илоҳий ҳақида сўз боради.
Sharh 94:4
И з о ҳ. Дарҳақиқат, ҳар бир мўмин-мусулмон қаерда Аллоҳ таолонинг номини ёд этиб, У зотни улуғласа, албатта У зот билан бирга пайғамбари Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг номларини ҳам зикр қилиб, у кишига салавот ва салом айтадики, бу мартабайи олия Пайғамбаримиздан ўзга ҳеч кимга насиб этган эмас.
Sharh 94:6
И з о ҳ. Агар муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, юқоридаги оятларда ҳар бир машаққатдан кейин эмас, балки айни ўша машаққат билан бирга енгиллик борлиги икки бор таъкидланади. Буни икки хил маънода тушуниш мумкин: Биринчиси — ҳар бир қийинчиликдан кейин шу қадар тез осонлик келадики, гўё улар иккиси бирга, ёнма-ён тургандек бўлади. Бас, демак, қийинчиликка рўбару келганда, ноумидликка тушишнинг асло ҳожати йўқ. Иккинчи маъно — бир кишининг бошига иймон, эътиқоди сабабли бирон оғирлик тушса, у киши ҳаргиз бундан ранжимаслиги лозим. Зеро, у Охиратдаги осонликка — мангу саодатга айни мана шу дунёда тортаётган қийинчилиги шарофати билан, яъни мана шу қийинчиликка сабр-тоқат қилгани сабабли эришиши мумкин. Демак, у киши тортаётган муваққат машаққатнинг ўзида унинг учун мангу бахт-саодат бор экан.
Alaq 96:5
И з о ҳ. Ушбу оятлар инсоният ҳаётига янги илоҳий таълимот ва то Қиёмат бузилмай сақланиб қоладиган, Аллоҳ таоло юборган динларнинг энг сўнггиси бўлган мукаммал бир дин — Ислом кириб келгани ҳақидаги илк хабарлар эди. Ушбу илк оятларданоқ Ислом дини инсонларни жаҳолат-хурофотга эмас, балки илм-маърифатга чорлаши ва фақат ўқиш-ўрганиш билан Яратган рози бўладиган Ҳидоят йўлини топишга даъват этиши маълум бўлди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом «Илм исташ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир», деб марҳамат қилганлар. Энди қуйидаги оятларда динсиз кимсаларни мол-дунё ва мансаб-мартабалар қандай куйларга солиши ҳақида хабарлар берилади.
Alaq 96:14
И з о ҳ. Бу оятлар Қурайш зодагонларидан бўлган Абу Жаҳл лақабли ашаддий кофир бир кимса ҳақида нозил бўлгандир. У Пайғамбаримизни Масжидул-Ҳаромда намоз ўқишларидан тўсиб: «Агар Муҳаммад яна шу ерга келиб намоз ўқийдиган бўлса, унинг бўйнини эзиб, юзини тупроққа белайман», деб ўзининг бутлари номига қасам ичади. Юқоридаги оятларда бу кофирнинг барча қилмишларини Аллоҳ таоло кўриб тургани айтилгач, энди қуйида агар у бундай бемаъниликларини тўхтатмаса, қандай азобга гирифтор бўлиши ҳақида хабар берилади:
Alaq 96:19
И з о ҳ. Ушбу ояти карима Қуръондаги сўнгги сажда ояти бўлиб, бу оятни ўқиган ёки эшитган киши бир марта Аллоҳ таолога сажда қилиши вожиб бўлади. Бу оятдаги хитоб гарчи пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга қаратилган бўлса-да, унинг ҳукми барча мусулмонлар учун умумий бўлган ҳукмдир. Бинобарин, Яратганга ибодат қилишдан тўсадиган бирон кимсага итоат этмасдан, ёлғиз Аллоҳ таологагина сажда қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.
Qadr 97:3
И з о ҳ. Демак у кечада қилинган тоат-ибодат ҳам минг ойлик ибодатдан яхшироқ бўлади. Биз бу кечанинг баракоти ҳақида «Духон» сурасининг 2-5 оятлари таржимаси ва изоҳида айтиб ўтган эдик. Кўпчилик уламоларнинг айтишларича, Қадр кечаси рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир.
Bayyina 98:3
И з о ҳ. Аллоҳ таолонинг сўнгги, мукаммал дини бўлмиш Ислом дини келиши арафасида Таврот, Инжил каби аввал нозил қилинган китоблар берилган яҳудий ва насронийлар ҳам, бутпараст мушриклар ҳам куфр ботқоғига ботиб қолишган, аҳли китоблар Таврот ва Инжилда келиши айтилган бир пайғамбарга кўз тутаётган эдилар. Қачонки улар кутган ҳужжат — Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом тилларида Аллоҳнинг Каломи Қуръон билан келганларида эса...
Zalzala 99:5
И з о ҳ. Саҳобалардан Абу Ҳурайра (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ернинг хабарлари нима эканлиги ҳақида сўзлаб: «Ернинг хабарлари — ҳар бир эркагу-аёл унинг устида қандай амал қилган бўлса, барчасини Аллоҳ таоло ҳузурида сўзлаб, гувоҳлик беришидир», деган эканлар.
Odiyot 100:11
И з о ҳ. Бу оятларда Қиёмат Кунида барча сирлар ошкор бўлишини эслатиш билан ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўша Кунда шарманда бўлиб қолмайдиган тарзда ўтказиши лозим эканлиги уқтирилмоқда.
Takosur 102:2
И з о ҳ. Дарҳақиқат, бутун ҳаётларида Аллоҳ таолога бирор кун ибодат қилмасдан мол-дунёга сиғиниб ўтадиган кимсалар жуда кўпдир. Бу хусусда Пайғамбаримизнинг Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган бир ҳадислари ўта ибратлидир: «Маййитнинг-ўликнинг ортидан уч нарса эргашиб боради ва кейин у учовидан иккиси қайтиб кетади, бири эса ўлик билан бирга қолади — унга бола-чақаси, мол-дунёси ва шу дунёда қилган амаллари эргашиб боради-да, сўнгра бола-чақаси ва мол-дунёси яна қайтиб кетади, қилиб ўтган амаллари эса у билан бирга қабрда қолади».
Fil 105:5
И з о ҳ. Ривоят қилинишича, қушлар томонидан отилган ҳар бир тош бир кофирнинг бошидан тешиб кириб, остидан чиқиб кетган экан.
Quraysh 106:4
И з о ҳ. Яъни Қурайшга Аллоҳ таоло томонидан жуда кўп неъматлар ато этилгандир. Агар улар бошқа неъматлар учун Аллоҳ таолога ибодат қилмасалар ҳам, уларга тижорат, олди-сотди қилсинлар, деб қишда Яманга, ёзда эса Шомга сафар қилишлари осон қилиб қўйилгани ва улар бу сафарлардан доимий равишда фойдаланиб келаётганлари учун мана шу Байтуллоҳнинг Парвардигорига ибодат қилишлари лозимдир. Чунки айни мана шу Байтуллоҳнинг шарофатидан атроф-жавонибдаги одамлар қурайшликларга тегмайдилар ва: «Қурайш қабиласи Байтуллоҳнинг қўшниларидир. Ким уларга бирон зиён етказса, худди Абраҳа ва унинг қўшинига ўхшаб мана шу Уйнинг эгаси бўлган Аллоҳ таолонинг ғазабига учрайди», дейдилар. Демак, Қурайш одамлари сафар-саёҳатларида бирон кимса уларга зиён бермай, тинчлик ва тўкин-сочинликда яшаётганлари учун мана шу Байтуллоҳдан ва унинг эгаси бўлмиш Аллоҳ таолодан қарздордирлар. Бас, улар У зотга ибодат қилиш билан ўзларига ато этилган неъматнинг шукрини адо этсинлар!
Mo'un 107:3
И з о ҳ. Яъни кимки «иймон келтирганман» деса-ю, аммо етим-есирнинг ҳаққидан қўрқмаса, бечора-мискинларнинг бошини силаб меҳрибонлик қилмаса, у динни инкор қилгувчи кимсалар билан баробардир.
Nasr 110:3
И з о ҳ. Ушбу сураи каримада мўмин-мусулмонларнинг вазифаси имконлари борича диннинг равнақи йўлида саъй-ҳаракат қилиш эканига, ғалабани эса ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи беришига ишора бор.
Masad 111:5
И з о ҳ. Абу Лаҳабнинг хотини Умми Жамил доимо кишиларни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга қарши гиж-гижлаб, уларнинг ўртасида адоват ўтини ёқиб юргани сабабли, Қуръон уни «ўтин орқалаган» деб сифатлади ва дўзахга ҳам эри билан бирга худди ўша ҳолида кириши ҳақида хабар берди.